ГЎШТНИНГ НАРХИ ҚАНЧА

Ҳар бир даврдаги иқтисодий ҳолат  ўша пайтдаги гўштнинг нархига қараб  таҳлил қилинади. Халқ орасида “фалон йилда гўшт  фалон сўм эди, демак, ўша пайтда арзончилик бўлган экан-а” деган гап-сўзлар учраб юради.

Ҳозир ҳам  турмуш даражамиз рамзий маънода айнан гўшт маҳсулотининг нархи ва  уни қанчалик миқдорда истеъмол қилишимизга боғлиқ бўлиб қолди. Аввал, бир бурда гўшт солиб, оддий мастава, шўрва  ичиб кетаверар эдик. Энди эса  таомномамиздан янгидан-янги егуликлар ўрин олмоқда. Уларнинг  ҳеч бирини гўштсиз тайёрлай олмаймиз. Қолаверса, ҳар қадамда кафе, ошхона, чойхоналар ишлаб турибди. Бундан ташқари,  тадбир, байрам, маросимларимизнинг ҳам тури кўпайди.  Мана шу ҳолат гўшт истеъмолига бўлган талабни оширди. Талабнинг кўпайиши ўз-ўзидан нарх-навонинг кўтарилишига сабаб бўлади. Бу оддийгина бозор қонуни.

Талаб кучайган жойда нарх ўсади. Аммо гўштнинг бугунги нархи аҳолининг кўпчилик қисми учун қимматлик қилади. Негаки нарх-наво даромадимизга нисбатан анча илдамлаб кетди.

Айрим статистик маълумотларга қараганда, 2000 йилда респуб­ликамизда бир кило гўшт ўртача 1500 сўм бўлса, бугунга келиб бу  сумма 130 000 минг сўмни ташкил қилмоқда. Баъзи жойларда 150-160 минг сўмдан ҳам сотилмоқда. Гўшт энг арзон ҳудудлардан бири Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл шаҳри бўлиб, у ерда 110-115 минг сўмга сифатли гўшт харид қилиш мумкин.  Андижоннинг Қўрғонтепа туманидаги деҳқон бозорида эса айрим сотувчилар яхши гўштларни 125 минг сўмдан беради. Мазкур туман  нафақат вилоятда, балки республика бўйича ҳам озиқ-овқат нархи энг арзон ҳудудлардан ҳисобланади. Тўғри,  деҳқон бозорларида  ташкил қилинадиган ярмаркаларда нархлар анча паст, лекин у ерда сотилаётган маҳсулотларнинг сифати ҳам шунга яраша. Шу боис ярмаркадан ҳамма ҳам арзон гўшт сотиб олавермайди. 

Яқинда Андижон вилоятида гўшт нархини  тушириш бўйича янги бир ташаббус илгари сурилди ва мол гўштининг  килоси 110 минг сўм қилиб белгиланди. Гўшт дўконлари ёнига,   бозорларга, расталарга  “110 минг сўм”   деб ёзилган қоғозлар илиб қўйилди. Хўш,  ҳақиқатан ҳам гўшт арзонладими? Айнан  “110 минг сўм” деб ёзилган гўшт расталарига бориб, ҳолат билан қизиқиб кўрдик.

— 110 минг сўмга қанақа қилиб тортиб берасиз? — сўрадик сотувчилардан.

—  Бу нархга суяк ва ёғни белгиланган миқдордан кўпроқ қилиб қўшиб берамиз.

— Ие, у ҳолда 110 минг сўмга арзимаган гўшт сотиб оларканмизда. Асосий қисми, ёғ, суяк бўладими?

— Шунақа  деса ҳам бўлади, — хотиржам жавоб берди сотувчи.

— Маҳсулот ҳам пулига яраша бўлса, унда нархни туширишнинг нима ҳожати бор?  — ҳайрон бўлдик. 

— Биз ҳам чорасизмиз, ҳайвонни тирик вазнда фалон пулга сотиб оламиз. 110 минг сўмга одатдагидек қилиб тортиб берсак, қопламайди-ю. Ким  қиммат  олиб, арзонга сотади? Бизга 110 минг сўмдан сотасизлар деб буйруқ бўлгандан сўнг шу йўл  билан вазиятдан чиқамизда, акс ҳолда зарарни қандай қоплаймиз? — ёзғирди сотувчи.

Ҳа, бир томондан  унинг  гапларида ҳам жон бор. “Қассобга ёғ қайғуси” дегандек қассоб ҳам тирикчилик учун шу  бизнес билан шуғулланади. У ҳам фойдани кўзлайди. Шунинг учун ҳам  110 минг сўм дея нарх ёзилган қайси растага борсангиз, одатдаги гўшт 130-140 минг сўмдан сотилаётганига, 110 сўмга эса серсуяк, серёғ, сифат­сиз гўштлар берилаётганига гувоҳ бўласиз.  Демак, мажбуран нарх тушириш масаланинг тўғри  ечими эмас. Ечим  гўштни маҳсулот ҳолатига келгунига қадар бўлган тизимли жараённи ўрганиб, мана шу жараёндаги муаммоларни ҳал этишда. Кўр-кўрона буйруқ ёки босимлар билан нархни тушириб, халқни рози қилиб бўлмайди. Бундай ёндошув кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмас.

Н. МИРОЛИМОВА