БАЙРАМДА ТУFИЛИШНИНГ ГАШТИ БОР

БАЙРАМДА ТУFИЛИШНИНГ ГАШТИ БОР

Юртимизда айнан муҳим байрамлар санасида дунёга келганлар кўп учрамайди. Лекин астойдил қидирсангиз, уларни топасиз. “Hamkorbank” АТБда фаолият юритаётган ходимлар орасида ҳам айнан Янги йил  куни туғилганлар бор экан. Байрам арафсида уларнинг айримларини мулоқотга чорладик.

Самандар АҲМАДАЛИЕВ,

Истиқбол УБХО микроофис менежери:

— Насиб қилса, 31 декабрь куни 23  ёшни қарши оламан. 2024 йил Истиқбол УБХОга амалиётчи сифатида  қабул қилинганман, 2025 йил майда микро­офис менежери  вазифасида иш бошладим.

Янги йил куни туғилганим ҳаётимга қайсидир маънода завқ беради. Назаримда  ўша куни ҳамма тилаклар менга аталгандек. Болалигимдан  оиламиз билан Янги йилни қўшалоқ байрам сифатида  нишонлаб келамиз. Ўша куни  ҳамма мени иккита сана билан табриклайди.

Байрам бўлгани учун яқинларимга совға улашишга ҳаракат қиламан, лекин барибир, бергандан кўра, кўпроқ олсам керак. Менга ўхшаб шу куни туғилганлар бормикан, деб қизиқиб ҳам кўрганман. Билганларимдан бири — “Манчестер Юнайтед”нинг собиқ бош мураббийи Сэр Александр Фергюсон 31 декабрда туғилган. Тасодифни қарангки, “Манчестер Юнайтед «нинг ашаддий мухлисиман.

Мана, Янги йил ҳам яқинлашяпти.  2025 йилда ўзимга юклатил­ган режаларни бажардим. Кейинги йилдан эса умидларим катта. Хизмат пиллапоясидан юқорилашни ва ҳаётимда катта ўзгариш­лар қилишни истайман.

Дилшод МИРАҲМЕДОВ,

Чиноз УБХО етакчи ҳуқуқшуноси:

— 2009 йилдан буён Чиноз УБХОда ҳуқуқшунос сифатида фаолият юритиб келаман. Келаётган таваллуд санамда 57 ёшга тўламан. Айнан 1 январда туғилганим баъзида хурсанд қилади,  баъзида жиндек ранжитади. Сабабини айтайми? Қувонадиган томони, туғилган кунимни ҳар доим дам олиш кунига тўғри келишидир. Хафа қиладигани эса  мени табриклашга келган меҳмонлар зиёфатда ҳорғин, мудраб ўтиради. Чунки бир кун аввал тонгача ухламай байрам қилиб чиқишган бўлади-да. Энг қизиғи,  дастурхонга ҳам  деярли қўл уришмайди. Қарасам, барибир, байрамдан кейинги базм қизғин ўтмас экан. Охирги икки йилда туғилган кунимда оиламиз билан тоққа чиқишни одат қилдик. Уч нафар фарзандим, олти нафар набирам бор.  Айниқса, бундай дам олишда болажонлар яйрайди.

2025 йил мен учун хайрли кечди. Энг катта орзуим амалга ошиб, онамни олиб, оилавий Умра зиёратига бориб келдик. Энди келаётган йилни хотиржам кутиб олсам бўлади.

Суҳроб Эшбоев,

Иштихон БХО универсал менежери:

2021 йилда Каттақўрғон УБХО сафига  амалиётчи бўлиб қўшилдим. 2022 йилда эса Чакана бизнес бўлими, орадан бир йил ўтиб, Иштихон БХО универсал менежери  бўлдим.  Яқинлашиб келаётган 31 декабрда 31 ёшни кутиб оламан.  Янги йил шукуҳи кўпроқ  тарози палласини босиб кетгани учун туғилган  кун ҳиссиётлари деярли  сезилмайди. Кўпчилик  байрам билан  бўлиб,  таваллуд санамни унутиб қўяди. Лекин туғилган куним ёдида қолган синфдош, курсдош ва яқинларим қўнғироқ  қилиб, табриклайди.  Менга ўхшаб айнан Янги йил куни туғилган танишларимни билмайман-у, аммо мижозлар орасида учраб туради. Ҳужжатларини расмийлаштираётган пайтда кўзим тушиб қолса, сўрайман. Улар ҳам менга ўхшаган  ҳолатларини бошидан кечиришини айтади.

Шукрлар бўлсин, 2025 йилни мазмунли ўтказдим. Муҳими, режалар борасида юзим ёруғ. Қолаверса, шу йил катта мақсадим амалга ошиб, ипотека кредити асосида коттеж уй сотиб олдим. Умид қиламанки, кейинги йилимиз ҳам мазмунли ва баракали бўлади.

Н. ТЎХТАМАТОВА ёзиб олди