МАҲАЛЛАЛАРГА ҚАРАТИЛГАН ИСЛОҲОТЛАРДАН ҚУВОНДИМ

Мурожаатномага муносабат

Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига қилган мурожаатномасида 2026 йилни “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” дея номлаш таклифини берди. Маҳалла фуқароси сифатида  бу таклиф мени жуда қувонтирди. Юртбошимиз томонидан Йил номи ва  мақсад-мазмунидан келиб чиқиб белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш учун алоҳида давлат дастури қабул қилиниши,  ушбу дастурда  эса юртимиздаги 9 мингдан зиёд маҳаллани, аввало, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, адолат ва тарбия масканига айлантириш каби долзарб масалалар ўз ифодасини топиши айтилди.

Давлат раҳбарининг “Мақсадимиз аниқ: яқин йилларда даромади ўртадан юқори мамлакатлар қаторига кириш” деган сўзларидан англадимки, маҳалла институтини ривожлантириш орқали жамият тараққиётини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади. “Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади. Айнан маҳалладаги йўл, сув, электр ва транспорт таъминоти, боғча, мактаб ва оилавий поликлиникадаги шарт-шароитларга қараб, одамлар ислоҳотларимизга баҳо беради”, деди Президентимиз.

Мурожаатномада таъкидланганидек,  маҳаллада тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантиришга 8,5 триллион сўм маблағ ажратилиши, депутатларга эса ўз округидаги муаммоларни ҳал этиш учун 500 миллиард сўм берилиши, “яшил ҳудуд”, “яшил боғ” яратиш бўйича ҳар бир депутатнинг ташаббусига қўшимча 330 миллион сўмдан йўналтирилиши, бундай ёндашув орқали 2030 йилгача шароити оғир барча туманлардаги маҳаллаларга Янги Ўзбекистон қиёфаси олиб кирилиши, ўйлайманки,   ҳаётимиз фаровонлигини, юртимиз ободлигини  янада кафолатлайди.

Маҳаллаларимизнинг кундан-кунга гуллаб-яшнашига гувоҳ бўлиш, у ерда истиқомат қилаётган ҳар бир юртдошимизни бахтли ва ҳаётидан рози ҳолда кўриш биз ўзбекистонликларга хотиржамлик бағишлайди. Ишонаманки,  Президентимиз мурожаатномасида айтиб ўтилган барча дастурлар,  ислоҳотлар, мақсад ва вазифалар амалда ўз ижросини топади. Бизга шу Ватанда яшамоқ бахт ва омад эканлигини англаб етиш имконини беради.

Нигора ХОЛИҚОВА,

Андижон.