ҲАНГОМАЛАР
Икки дўст кўчада суҳбатлашиб ўтиришса, ўт ўчирувчи машиналари сиреналарини баланд овозга қўйиб ўтиб қолибди. Улардан башанг кийинган, қўлларига йирик кўзли узуклар таққан, мўйлов қўйгани шундай дебди:
— Бирор ҳаромхўрнинг уйи ёнаётгандирда, баттар бўлсин!
Шу пайт унинг уяли телефони жиринглаб, қизалоқнинг овози эшитилибди: “Дада, тез етиб келинг, уйимиз ёнаябди!”
Шаҳардаги маданият ва истироҳат боғи директорининг фиғони фалакка чиқиб шундай деди : “Боғ атрофидаги аёллар туғибоқ болаларини боғнинг ҳовлисига ирғитиб юборишади. Улар доим шу ерда.”
Яқинда турмушга узатилган “янги ўзбек“нинг қизи онасига телефон қилаябди:
— Ойижон, кеча бизникида шунақанги катта жанжал бўлди, тасаввур қила олмайсиз.
— Қизим, турмушнинг биринчи йилларида бу каби воқеалар бўлиб туради. Улар мен билан дадангни ҳам четлаб ўтмаган.
— Тушунарли, фақат ойи, узиб олинган қулоқ, юлинган сочлар, синиб тушган тишларни нима қилай? Кейин, одамни ҳушига келтириш учун сиз қандай доридан фойдаланар эдингиз, кечадан буён бизнинг “қаҳрамон“ ўзига келмаябди?
Бир идорада ҳамкасблар ўртасида шундай ҳазил бўлиб ўтди:
— Носиржон ака, охирги пайтларда жуда пишиқ бўлиб кетаябсиз, — деди ходимлардан бири. — Янги машина сотиб олдингиз, “ювмадингиз“, янги квартирали бўлдингиз, “ювмадингиз“, журналистлар уюшмасига аъзолигингизни “ювмадингиз“, ҳатто тишларингизни ҳам “ ювмадингиз” (Носиржон яқинда сунъий тишлар қўйдирган эди).
Порахўрнинг ўкинчи: “Менинг икки — учта ёмон одатим бор:
биринчиси — ҳадеб олгим келаверади,
иккинчиси — олиб қўйишим мумкин,
учинчиси — олиб қўяман”.
Бир бола ҳайратини яширa. олмай нотаниш аёлга савол берди :
— Хола, нимадан бунчалик семириб кетгансиз?
— Болалик пайтимда кўчада мени бир семиз ит тишлаб олган, шундан буён нуқул семираман, ўзи қаламдек эдим.
— Ҳм… Яхшиям боқувдаги новвос тишламаган экан, — деди бола.
Бир аёл дугоналарига шундай деди: “Эрим бир сўзли инсон. Бундан 40 йил аввал боғчадан унга берилган тавсифномада санаб ўтилган барча “фазилатлар”га содиқ қолган: болакай қўғирчоқларни яхши кўради, кўп суюқлик ичади, яхши ейди, яхши ухлайди”.
Р. Мухторов

