БИРДАМЛИК МУВАФФАҚИЯТЛАРГА ЕТАКЛАЯПТИ

Ҳар қандай инсон бир ишни бошлашдан олдин пухта режа тузади. Тадбиркор Баҳромжон Юлдашев бу борада бошқача йўл тутди. Ўз бизнесини таваккалчиликдан бошлади. 2000 йилда музқаймоқ ва салқин ичимликлар сотиб, «тетапоя» бўлган ёш йигит Нукус давлат университетида таҳсил олиш билан бирга тадбиркорликни ҳадисини олди. Сотаётган маҳсулотларининг турини кўпайтирди. Тез фурсатда ўз харидорларига эга бўлди.
—Бизнеснинг катта-кичиги бўлмайди, -дейди Баҳромжон ака. —Асосийси, меҳнатсеварлик, ишбилармонлик, изланувчанлик ва сабр-тоқат.
Тадбиркор 2008 йилда “Нукус дилиша” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиб, сутни қайта ишлашни йўлга қўйди. Айни пайтда 33 турдаги сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга корхонада 50 нафар нукус­ликлар иш билан таъминланган. Корхона нафақат қорақалпоқ халқига балки, Хоразм вилояти бўйлаб маҳсулотлар етказиб бермоқда.
2012 йилга келиб тармоғини кенгайтиришни мақсад қилган Баҳромжон Юлдашев яна бир корхона — “Табассум Нукус”ни ташкил қилди. Бугун корхона тасарруфида озиқ-овқат дўконлари, музқаймоқ ишлаб чиқариш ва шаҳар марказида жойлашган 160 ва 130 ўринли 2 та овқатланиш шохобчаси хизмат кўрсатяпти. Ошхоналарда малакали ошпазлар қорақалпоқларнинг брендига айланган бешбармоқни меъёрига етказиб тайёрлайди.
Тадбиркор музқаймоқ сотиш асносида уни ўзи ишлаб чиқарса фойдаси янада кўп бўлиши учун тинимсиз изланди ва шаҳар марказида жойлашган собиқ сут заводининг бир қисмини ижарага олиб, оддий цехда маҳсулот етиштиришни йўлга қўйди. Бироқ, изланувчан тадбиркорни бу қониқтирмади. У катта корхона ташкил қилиш ҳаракатига тушди.
Хитой давлатидан жиҳозлар олиб келишни режалаштирди. Анчагина сармояси бўлсада техник жиҳозлар катта маблағ талаб этади. Изланувчан тадбиркор “Hamkorbank” АТБнинг Нукус минтақавий банк хизматлари офисидан катта миқдордаги кредит маблағи олади. Биринчи бор олишига қарамай, банкнинг ишонч­лилиги уни руҳлантириб юборади. Ана энди ўз пули бўлган ишбилармон Хитой, Италия ва Россия давлатларидан техник жиҳозлар, асбоб-ускуналар олиб келиб, фаолиятини кенгайтирди. 12 та совутгичли автомобилларда Малик Наврўзбоев ва Умрбой Йўлдошев каби тажрибали ҳайдовчилар тайёр маҳсулотларни мижозларга вақтида етказиб бермоқда.
Кичик савдо билан тадбиркорлигини бошлаган қаҳрамонимиз пулни тежаш ва жой-жойига ишлатишни билади. Шу боис ҳам замон билан ҳамнафас, интилувчан тадбиркор даражасига етди. У “барака — ҳамжиҳатликда” деган ғоя билан яшайди. Оила аъзолари билан бир ёқадан бош чиқариб, бирдамликда фаолият­ юритаётганлиги учун ҳам муваффақиятларга эришяпти. Бу борада энг катта ишончи онасининг дуоси эканлигини унутмайди.

Нилуфар ТЎРАҚУЛОВА