СЎЗ — АЪЛОЧИЛАРГА
Сўнгги қўнғироқ яқин. Бу санани барча турли ҳиссиётлар билан ёдга олади. Чунки мактаб билан хайрлашув янги ҳаёт учун йўлланма лаҳзаларидир. Йўлланма эса кимгадир “имтиёзли”, кимгадир “аъло”, яна бошқа бир ўқувчига оддийгина “яхши” кўринишда насиб этади. “Hamkorbank” мутахассислари орасида дастлабки таълим даргоҳини фақат аъло баҳоларга тамомлаганлар кўп топилади. Уларнинг айримлари билан суҳбатлашдик.
МАКТАБИМ УЧУН НИМАДИР ҚИЛАМАН
Хайрулло Шералиев,
“Hamkorbank” АТБ Ходимлар билан ишлаш департаменти корпоратив ўқув маркази директори:
— Мактаб даври ҳаётимнинг энг мустаҳкам пойдевори бўлган. 1992 йил Пахтаобод туманидаги 32-умумтаълим мактабини тамомладим. Мактаб бўйича бир дона “олтин медал” менга насиб қилди.
Мактаб таълими жуда кўп нарсаларни ўргатди. Илк устозим Раҳимахон Деҳқонбоеванинг сабоқлари ҳаётда тўғри йўлдан кетишимга сабаб бўлди. Биринчи бўлиб кўчада ўзимизни қандай тутишимизни ўргатган, математика фанига қизиқтирган шу инсон деб биламан. Устоз ҳозир 87 ёшда, илоҳим умрлари узоқ бўлсин.
7-синфда касбга йўналтириш фанидан кирган Эдем Куртмамедов устозимизнинг ҳар хил касбларни моҳирлик билан тасвирлагани туфайли иқтисодиёт соҳасига бошқача қизиқиб қолганман ва шу йўналишда кетишга қарор қилганман.
Мактаб даврларини эсласам, рус тили ўқитувчимиз Сотқинбой Зуҳриддинов, инглиз тили устозимиз Илҳом Аҳмаджонов, математика фанини ўқитган Нурияхон Куртмамедовани алоҳида ёдга оламан. Айнан улар берган таълим туфайли келажагимни белгилай олдим. Бугун шукрки, ўз соҳамнинг етук мутахассисига айландим.
Ўқувчилик даврдимдаёқ стипендия билан рағбатлантирган, “олтин медал” тақдим қилган, мени катта ҳаётга йўналтирган мактабим учун ҳали ҳеч нима қила олмадим. Аммо мақсадларим катта. Насиб қилса, албатта, жонажон мактабимга нафим тегади. Бу мақсадни тез орада амалга ошираман, деган умиддаман.
УСТОЗЛАР ДУОСИ БИЛАН “HAMKORBANK”ДАМАН
Ҳусан Боқиев,
Пойтахт УБХО касса амалиётлари бўлими универсал кассири:
— Ўқувчилик даври билан 2021 йилда хайрлашишимга тўғри келди. Шу йили Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги 13-ихтисослаштирилган мактаб — интернатини битирдим. Мазкур таълим даргоҳида таҳсил олишдан мақсад математика ва инглиз тили фанларини чуқур ўрганиш бўлган. Битирув арафасида инглиз тилида IELTSдан 5,5 балим бор эди. Барча фанларни аълога ўзлаштириб «кумуш медали» олганман.
Мактабимни яхши хотиралар билан эслайман. Математика бўйича халқаро олимпиада республика босқичигача етиб борганман.
Адам Ғуломов, Гулираъно Аҳмадова каби устозларим иқтисодиёт йўналишини танлашимда муҳим роль ўйнади. Она тили ва адабиёт ўқитувчиси Маърифат Муҳаммадиева ўз фанидан сифатли дарс ўтиш билан бирга, келажакда жамиятга керакли шахс бўлишимиз учун жуда муҳим ҳаётий маслаҳатларни берган. Мана эндиликда ота-онам ва устозларимнинг дуолари билан “Hamkorbank”да ўз кареьрамни қуришни бошладим. Ўйлайманки, мактабда олган сабоқларим умрим давомида асқотади.
ҲАММАСИНИ ЯХШИ ХОТИРА БИЛАН ЭСЛАЙМАН
Шаҳноза Умарова,
Навоий МБХО Фаровон БХО универсал менежери:
— 2008 йилда Нурота туманидаги 1-ихтисослашган мактабни имтиёзли шаҳодатнома билан тамомлаганман. Математикага бўлган қизиқишим туфайли 5-синфдан ушбу таълим масканининг ўқувчисига айландим. Аълочилар сафида бўлдим, бу учун керакли рағбатлантиришни олдим.
Мана шу мактабда ўқимаганимда балки банк соҳасига қизиқмаган бўлармидим. Мени бу касбга ўз соҳасига виждонан ёндошадиган, ўқувчининг ички дунёсини тушуна оладиган фидойи устозларим жалб қилди.
Мактабимиз тумандаги энг намуналилардан эди. Ўқитувчиларимизни яхши хотира билан эслайман. Берган сабоқлари ҳаётимда катта роль ўйнади. Уларнинг ўзини тутиши, муомала маданиятидан кўп нарса ўргандим.
Битирув арафасида мактабимга муносиб бўла олармиканман, деб ўйлаганман. Бу даргоҳга бошқа қайта олмаслигимни ҳис қилганимда қандайдир изтиробга тушдим. Чунки ҳаётимдаги энг гўзал ва бахтли онлар билан хайрлашиш оғир кечган. Олийгоҳга кирганимда елкамдан тоғ ағдарилди. Ўшанда ҳар битта ўқитувчимга телефон қилиб, ташаккуримни билдирдим. Тожиев устозим эшитиб роса қувонган, менга ишонганини айтган.
Бугун ўзимни йўлини топиб олган инсон деб ҳисоблайман. Ютуқларимдан мамнунман, сабаби менда ҳаммаси яхши. Жамоам ажойиб, софдил инсонлар қуршовидаман.
Нигора МИРОЛИМ қизи ёзиб олди

