ОФИСДА ҚАНДАЙ КИЙИНАСИЗ?
Офис маданияти нафақат сўзлашув ва ҳаракат, балки ташқи кўриниш билан ҳам ўзига хосликни талаб этади. Офисларда ишловчилар либоси, соч турмаги ва ҳатто пардози билан ҳам бошқалардан ажралиб туриши лозим. Чунки биз офис деганда ишбилармонлик, жиддий фаолият ва замон руҳиятини акс эттирадиган муҳитни тасаввур қиламиз.
Хўш, офисларда кийиниш маданияти қандай бўлиши керак? Албатта, офис либоси деганда ҳашаматдан узоқ жиддий кийимларни тушунамиз. Мутахассисларнинг фикрига кўра, ходимларнинг кийиниш услуби корхона, ташкилот, муассасанинг соҳаси ва фаолият йўналишига қараб фарқланади.
Масалан, креатив студияларда эркин ва инновацион либослар, расмий ташкилотларда эса анъанавий ва расмий либослар афзал кўрилади. Лекин, барибир, кўпчилик ташкилотларда умумий тамойилларга амал қилади. Яъни эркак ходимларга яхши дазмолланган озода кўйлак, классик ёки чинос шим, ёпиқ ва тоза туфлилар мос келади. Костюм ва галстук асосан таълим, банк, ҳуқуқ соҳаларида, давлат ташкилотларида ишловчилар ҳамда расмий учрашувлар учун тавсия этилади. Баъзи замонавий офисларда жинси шимлар ҳам қабул қилинади, аммо ҳаддан ташқари спорт услубида бўлмаслиги керак.
Аёллар эса кофта, юбка, классик шим, офис услубидаги кўйлак, қулай туфли кийиб, макияж ва аксессуарлардан меъёрда фойдаланса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Ҳар қандай офис либоси ёпиқроқ, безакларсиз, ёрқин ранглардан қочган бўлиши керак. Атирлар ифори ўткир, пардоз бўрттирилган ҳолатда бўлмаслиги зарур. Офис ходималари йиғилган соч турмагида янада салобатлироқ ва жиддийроқ кўринади. Сиз бирон масалада мурожаат қилган мутахассиснинг кийим-боши қанчалик касбига, ишига мос бўлса, сизда унга бўлган ишонч шу даражада ортади. Масалан, банк ходимига катта кредит олиш масаласида мурожаат қилсангиз-у, у бетартиб ҳолатда сизни кутиб олса, сиздаги истак ва ишончнинг даражаси ҳам пасаяди. Ўзининг кўринишини тартибга сололмаган ходимдан бирон масалада ёрдам ва натижа кутишга иккиланиб қоласиз. Бежизга йирик компаниялар имиж масаласига катта эътибор қаратмайди. Чунки либос қўйилган мақсадни ифодаловчи воситалардан бири ҳисобланади.
Ҳар баҳор мода ўзгаради, янги кийиниш услуби яратилади. 2026 йил ҳам кийим борасида ўз тенденцияларини олиб кирди. Ҳозир кўп компанияларда “business casual” (расмий ва эркин услубнинг уйғунлиги) энг оммабоп ҳисобланади. Яъни костюм шарт бўлмайди, аммо спорт кийимига ҳам ўхшамаслиги керак. Масалан: кўйлак + чинос шим + лофер туфли. Блузка + классик шим. Ранглардан эса оқ, кўк, кулранг, қаймоқ ранг, қора устунлик қилади.
Дизайнерлар жиҳозлар ва жисмоний ҳаракат эркинлигини ҳисобга олиб, қулай кийинишни маслаҳат беришади. Креслода кўп ўтириладиган ишларда ва хоналар бўйлаб ҳаракатланишда жуда тор либос ёки ноқулай пойабзал тавсия этилмайди.
Бу борада иқлим, ҳаво ва меҳнат шароитларини эътиборга олиш ҳам муҳим. Масалан, ёзда салқин ва енгил, қишда эса иссиқ ва замонавий кўринишли либослардан фойдаланиш катта аҳамиятга эга.
— Корхонамиз раҳбарларидан тортиб маъмурият ходимлари ва оддий ишчиларгача иш вақтида махсус либосда бўламиз. Раҳбарлар очроқ рангдаги, ишчилар эса тўқроқ рангдаги уст-бош кияди. Ранг танлашда меҳнат шароити ҳисобга олинади. Кийим корхонамиз имижини белгилайдиган асосий қоидалардан бири. Бизга уни кийиб юриш ёқади, албатта. Қолаверса, бу масъулият ҳам дегани. Чунки биз билан мулоқотда бўлган ҳар бир инсонда энг аввал кийимимизга, сўнгра гап-сўзимизга қараб фикр уйғонади, — дейди “УЗАВТО-АУСТЕМ” корхонаси ҳисобчиси Муроджон Мамадалиев.
Нотўғри либос меҳнат муҳити ва самарадорликка ўз таъсирини ўтказиши мумкин. Ходим ўзини ноқулай ҳис қилган шароитда ишда унумдорлик пасаяди. Хулоса қилиб айтганда, либос бу фаолиятнинг муҳим бир қисми. Уни қанчалик тўғри танлаш муваффақият гарови демакдир.
Н. ТЎХТАМАТОВА

