ТЎРТ ЙИЛ ЎТГАЧ…

Катта тезликда келаётган машина ғийқ этиб тўхтади.

— Нима бўлди, одамнинг юрагини ёрдингиз? — сўради аёл эрига қараб.

— Йўлимдан нимадир чиққандек бўлди… — эркак аста машинадан тушиб, олд тарафга юрди. Хотини ҳам ортидан борди.

Машина ғилдираклари тагида кичкина кучукбола инграб ётарди. Оёғини босиб кетган кўринади… Эркак «аҳ» деди-да, хотинига саволомуз боқди.

— Хайрият, одам эмас экан, — ёқасига туфлади аёл. — Юринг, кетдик, кечикяпмиз…

Шу пайт йўл четида катта ит кўринди. Лўкиллаб улар томонга чопди. Аёл кўрққанидан машина эшигига суянди ва эрини шоширди. Аммо ит одамларга қиё боқмай, кучукчани искади. Сўнг аламли бир алфозда увлади.

— Боласи, шекилли… — бошини қашлади эркак. Аранг нафас олаётган лайчага қўлини теккизди.

— Онаси, қара, ҳали тирик… балки, шу атрофда бирор мол дўхтири…

— Эй, бунча кўнгилчан бўлмасангиз! Битта итга шунчами? Бўлсангиз-чи, ота-онам кутиб қолишди!

Ҳомиладор аёлини бетоқат қилмаслик учун эркак мажбур машинага ўтирди. Кетаркан, кўзгу орқали орқада қолиб кетган маҳзун она ит ва норасида кучукчадан кўзини узолмади.

— Ишқилиб, омон қолсин-да…

Ўша воқеа анчагача эсидан чиқмади эркакнинг. Орадан беш ой ўтиб, хотини ўғил туққач эса унутиб ҳам юборди… Аммо тўрт йилдан ке­йинги бир мудҳиш воқеа унга ўша кунни эслатди.

Кўчада ўйнаб юрган ўғилчасини машина уриб кетибди. Ҳайдовчи қўрққанидан қочиб қолибди. Бир киши уни шошилинч касалхонага олиб борибди. Ота-она жон ҳолатда жонлантириш бўлимига келишди.

— Ўғлингизнинг жони омон, фақат… бир оёғи… ногирон бўлиб қолиши мумкин.

Онаси аюҳаннос солди, ота эса бошини чангаллаб ерга чўкиб қолди. Боши гир айланиб, кўз олдига инграб ётган кучукча келди.

— Бахтингга… ўша кучукча омон қолган бўлса керак, йўқса… — дод солаётган хотинига пичирлади у.

Аёл ҳам бирдан сергак­ланди ва ўзини эрининг оёқлари тагига ташлади.

Муҳаммадсолиҳ РАҲМИДДИНОВ